20150528_172109.jpg
banner3.jpg
banner4.jpg
banner5.jpg
456.jpg
111111.jpg
banner7.jpg
516.jpg
20150526_153733.jpg
20150526_132230.jpg

Энди ҳаммаси жуда осон ва қулай, исталган пайтда ва исталган вақтда,олдиндан онлайн рўйхатдан ўтинг ! Биз сизларни кутамиз !

Энди ҳаммаси жуда осон ва қулай, исталган пайтда ва исталган вақтда,олдиндан онлайн рўйхатдан ўтинг ! Биз сизларни кутамиз !

Функционал диагностика бўлими тиббиёт соҳасининг асосий бўлаги ҳисобланиб, организм ва системаларнинг ноинвазив текшируви ҳамда касалланган аъзолар, системалар ва бутун организм функционал ҳолатини  баҳолаш билан шуғулланади. Барча текширув усуллари хавфсиз бўлиб, турли хил касалликлар билан касалланган беморларга, болалар ва ҳомиладор аёлларга бир неча маротаба ўтказилиши мумкин. Функционал диагностика касалликни клиник давригача бўлган ўзгаришларни аниқлашга  ёрдам беради (яъни касаллик ҳали беморни безовта қилмаган даврида). Бундай эрта белгиларни аниқлаш касалликни жадаллашишини олдини олишини таъминлайди.  Шунинг учун функционал текширув усули диспансер  кўриги ва соғломлаштиришда кенг  қўлланилади.  Хозирги вақтда клиникада кўп марказлашган халқаро текширувлар ва  ўз самарадорлигини тасдиқлаган барча усуллар қўлланилади.

Бўлимнинг асосий вазифаси ўз вақтида юқори даражада  сифатли  инструментал текширувларни ўтказишдан иборат.

Функционал диагностика бўлими  ТТА 1-клиникаси 10-бинонинг 2-қаватида ва 14–бинонинг   1-қаватида жойлашган. 1976 йилдан бери фаолият кўрсатиб   келаётган текширув хоналари,  2008 йилдан бошлаб функционал диагностика бўлимининг таркибий қисми  сифатида  фаолият кўрсатяпти.

  • Электрокардиография -  5- хона (ЭКГ 10-бино), 12-хона ( ЭКГ 14-бино) 
  • Эхокардиография -  15-хона (ЭхоКГ)
  • Ултратовуш  диагностика - 4,17 хоналар (УТД 10-бино), 14-хона (УТД 14-бино)
  • Ташқи нафас фаолияти - 13-хона (ФВД)
  • Эхоэнцефалография, Реоэнцефалография, Электроэнцефалография - 7-хона (ЭхоЭГ, РЭГ, ЭЭГ)
  • Эндоскопия - 18-хона (ВидеоЭГДС, ВидеоКС, Бронхоскопия)

1976 йилдан бошлаб Тошкент Давлат медицина институти шифохонасида функционал текширувлардан электрокардиографиядан фойдаланилган.

1986 йилдан 1995 йилга қадар Республика клиника - диагностика маркази қошидаги функционал диагностика бўлимида ЭКГ текширув хоналари фаолият кўрсатган. 

1995 йили ТошДавТО  икки  клиникага бўлиниши сабабли, функционал текширув   хоналари алоҳида иш юритган.

2008 йилда Тошкент тиббиёт академияси 1- клиникасида функционал диагностика бўлими ташкил қилиниб, текширув усуллари кенгайтирилди ва ҳозирги кунда бўлимда УТТ, ЭКГ, ЭхоКС, ФВД, Эндоскопия, ЭхоЭГ, РЭГ, ЭЭГ текширувлари ўтказилмоқда.  Бўлим замонавий компьютерли аппаратлар , рақамли стационар ультратовуш сканерлари ҳамда видеоэндоскоп билан таъминланган.

          Бўлимнинг клиника- диагностика иш фаолияти қуйидаги текширувлар орқали олиб борилади:

Электрокардиография

        Электрогардиография хонаси  замонавий компьютерлашган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Электрокардиография текширувлари стационар даволанаётган беморлар билан биргаликда амбулатор  текширилувчилар учун ҳам ўтказилади.

      Ушбу текширув юрак ишемик касаллигининг, миокард инфарктининг илк белгиларини аниқлашда, юрак етишмовчили ҳамда ритм бузилишларининг турли хил кўринишларини  аниқлашда катта аҳамиятга эга.

         ЭКГ хонасида электрокардиограмма билан бир қаторда ритмограммалар ҳам олинади. Беморларга даволовчи шифокор  тавсиясига биноан фармакологик синамалар ҳам ўтказилади. Бу синамаларни ўтказиш кўпгина юрак-қон томир касалликларини қиёсий ташхислашда муҳим аҳамиятга эга.

ЭКГ хонаси сутка давомида ўз иш фаолиятини олиб боради.

Эхокардиография

          Эхокардиография юракни ультратовуш ёрдамида текшириш услуби. Текширув оркали юракнинг қоринчалари ва бўлмачалари ўлчамлари ҳисобга олинади.

         Эхокардиоскопия юракнинг  хозирги вақтдаги холатини кўришга имкон беради, бундан  ташқари у юракнинг нафақат анатомиясини, унинг қисқариш қобилиятини ҳам баҳолаб бера олади. Диагностика услуби маълум формулалар ёрдамида юракнинг массасини қисқарганда қанча қонни қандай куч билан ўзидан сиқиб чиқаришини аниқлашга, юрак тузилишидаги ҳар хил аномалияларни қоринчалар, бўлмачалар ва қопқоқлар функцияси  бузилишларини кўришга имкон беради.Агар қопқоқлар ўзаро мос равишда ишламаётган бўлса, ёки қоринча ва бўлмачалараро тўсиқларда тешик бўлса, доплерография услуби ёрдамида қоннинг нотўғри оқимини ҳам кўриш мумкин.

          Эхокардиоскопия услуби ҳатто ҳомиладор аёллар ва болалар учун ҳам хавфсиздир. Бунда беморни текшириш учун махсус  тайёргарлик талаб этилмайди ва бутунлай оғриқсиздир.

          Бизнинг клиникамизда эхокардиография текшируви замонавий ракамли “  Sono Scape SSI-6000” УТ сканерида бажарилади.

                           Ультратовуш диагностикаси

        УТТ хонасида юқори малакали мутахассислар янги замонавий ультравуш аппаратлари ёрдамида барча ультратовуш текширув усулларини ўтказадилар.  УТ  текширувлари анъанавий  ва рангли доплерография кўринишида олиб борилади.

        Ультратовуш текширувлари стационар ультратовуш сканери  “Sonoace 8000 Live”, замонавий янги рақамли “SonoScapeSSI-6000” ва  “DUS-6” портатив  ультратовуш сканерларида олиб борилади. 

Пациент учун маълумот:

Барча текширувлардан олдин албатта даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.

Эсда тутинг!  Даволовчи шифокор барча ўтказилган текширувлар асосида якуний ташхис қўяди.

Ташқи нафас фаолиятини текширув хонаси

        Ташқи нафас фаолиятини текшируви замонавий компьтерли “Спиро-Спектор” спирографида ўтказилади. Ҳар бир текширув учун аппарат датчигига алоҳида мунштук уланади ва текширув вақтидаги чиқарилган ҳаво ҳажми ва тезлиги аниқланади. Датчик орқали олинган маълумотлар компьютерга узатилиб, махсус программада қайта ишланиб, нормага нисбатан жуда кичик ўзгаришларни ҳам аниқлаб беради.  Сўнгра  функционал диагностика шифокори дастлабки кўрсаткичларни компьютердаги спирограмма натижаларини ҳамда текширилувчини индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиб, таққослаб, текширув хулосаси батафсил ёзилган ҳисоботга қайд этилади.

         Замонавий дастурга эга бўлган компьютерли спирограф кўрсаткичлари бўйича бронхиал  астма ва  сурункали обструктив  ўпка касалликларини дифференциал ташхислаш ёки инкор этиш учун ёрдам беради. Спирограмма ўзгаришларига қараб даволаш самарадорлиги баҳолаб борилади ва даволашнинг энг яхши натижасига эришилади. Текширувдан ўтиш учун пациент  4-5 соат олдин овқат емаган бўлиши ҳамда енгил кийимда келиши тавсия этилади.

Эхоэнцефалография

        Эхоэнцефалография бош мияни ультратовуш нурлари  ёрдамида текшириш бўлиб, бу нурлар беморни бош миясига тик ҳолатда юборилади. Бош миядан ўтаётган товуш нурлари ўз йўналишида ҳар хил қарама-қаршиликларга учрайди ва натижада акс-садо ҳосил бўлади. Акс-садо  сигналлари вертикал ҳолатда отилиб чиққан чизиқни ҳосил қилади. Бу акс-садо сигналлари ичида ўрта чизиқдаги (учинчи қоринча, эпифиз, гипофиздан аксланган ) сигналлар муҳим аҳамият касб этиб, “М-эхо” дейилади. Бош мия ўсмаси, абсцесси, туберкуломаси ва бошқа патологияларда мия ўртасида жойлашган учинчи қоринча ва эпифиз ўнг ёки чап томонга сурилган ҳолатда бўлади.

       Эхоэнцефалография  организмга зарарсизлиги ва текшириш учун кам вақт сарфланиши туфайли неврология ва нейрохирургиянинг асосий текшируви ҳисобланади.

Электроэнцефалография

   Мия пўстлоғининг хужайраларида пайдо бўлувчи электр токларини бош терисига қўйилган электродлар ёрдамида ёзиб олишга электроэнцефалография ва ёзиб олинган чизиққа электроэнцефалограмма дейилади. Одатда электоэнцефалограмма бир нечта нуқталарда ёзиб олинади. Электроэнцефалограммани клиник аҳамияти катта. Унинг ёрджамида бош миянинг зарарланганлиги тўғрисида объектив маълумотлар олиш мумкин.

      Асаб касалликлари клиникасида электроэнцефалография қўллаш ҳар хил касалликларда, айниқса бош мия ўсмаларида ва тутқаноқни барвақт аниқлаб, диагноз қўйишда, ҳарбий тиббиёт экспертизаси масалаларини ҳал қилишда катта аҳамиятга эга.

Реоэнцефалография

         Реоэнцефалография (РЭГ)- бош мияда қон айланишининг ҳолатини ёзиб олиб, мия тўқимасидан ўтаётган электр токининг ўзгаришларини қайд этишга асосланган.

         Бош миядан ўтаётган ҳар бир пульс тўлқинидаги қон  қаршилиги натижасида электр токи ўзгаради ва бу ўзгаришни маълум бир шаклга эга бўлган қийшиқ чизиқ тарзида акс этади.

         Реоэнцефалография чизиғи асосан ички уйқу артериясида қон айланиш ҳолатини  кўрсатади. Бу усул инвазив ангиография усулини ўрнини маълум бир маънода боса олади ҳамда қон айланиш  динамикасини кузатишга имкон беради.

Эндоскопия

        Эндоскопия – бўшлиқлардан иборат бўлган ички аъзоларни( табиий йўллари орқали ) ва организмнинг бўшлиқларига (жарроҳлик йўли билан) ёритувчи асбоблар билан таъминланган оптик аппаратлар ёрдамида визуал текшириш усули. Зарурат бўлганда эндоскопия текшируви биопсия, рентгенологик ёки ультратовуш текшируви билан бирга бажарилади.

      Эндоскопия –  кам инвазив  самарали диагностика усули бўлиб, ҳазм қилиш йўлида саратон касаллигининг бошланғич босқичида, саратондан олдинги касалликларни (атрофик гастрит, яра касаллиги, ошқозон – ичак тизими полиплари) ва даволашда (эндоскоп орқали хавфсиз ўсмаларни олиб ташлаш) энг юқори даражали текширув ҳисобланади.

        Эндоскопия хонасида диагностик эндоскопиянинг ҳамма турлари энг замонавий  “ PENTAX  EPK-i5000” моделли видеорақамли эндоскопда ўтказилади. Булар :

-видеоэзофагогастродуоденоскопия

-видеоколоноскопия

-бронхофиброскопия

Даволовчи ЭГДС: қизилўнгач, ошқозон, 12 бармоқли ичакларни лазер ёрдамида даволаш ўтказилади, ҳамда дори воситалар аппликацияси (маҳаллий таъсир қилиниб) бажарилади.

Бронхоскопия – трахея ва бронхларни ички қопламини оптик асбоблар орқали текшириш усули. У қатор даволаш чора-тадбирлар учун ҳам қўлланилади. Диагностика мақсадида бронхоскопия трахея, бронхлар, ўпка ва кўкрак ичи лимфа тугунларини патологияси, қон кетиши, давомий йўтал, хансираш, рентгенограммада ўзгаришлар кузатилганда (масалан ўсма, бронхлардаги ёт жисм, ўпка сили, ўпка абсцесслари, ўпка  жароҳатланиши билан кечадиган тизимли касалликларида) бажарилади.

Бронхоскопия вақтида трахея,бронхлар шиллиқ қаватларининг кўригидан ташқари, трахея девори, бронхлар биопсиясини, бронх атрофидаги ўсма ва лимфа тугунларини пункцион биопсиясини, ўпка паренхимаси трансбронхиал биопсиясини, нафас йўллар ичидаги ажратмаларни ва бронхлар орқали дренажланган ўпка ичи бўшлиқлар суюқлигини бактериологик ва цитологик текширувлар учун бажариш мумкин.

Бронх ва бронхиолалардан қон чиқармасдан ёт жисмларни олиш, патологик суюқ ажратмаларини (қон, балғам ва бошқалар) аспирация қилиб, шу билан нафас йўли бузилган ўтказувчанлигини тикланишига, асфиксия, нафас етишмовчилигини бартараф этиш ва ҳ.к;  йирингли бронхитларда, бронхоэктазларни ичига дори воситалар юбориш йўли билан санация қилиш; ўпка абсцессларини трансбронхиал дренажлаш ва абсцесс бўшлиғига дори воситаларини юбориш каби қатор даволаш тадбирларини ўтказишга ҳам бронхоскопия имконият беради. Ўпкадан қон кетишини аниқлаш ва уни тўхтатишда самарали усул ҳисобланади.

Колоноскопия – йўғон ичак касалликларини ташҳислашда муҳим текширув усули хисобланади.

Носпецифик ярали колит, Крон касаллиги, хавфсиз ва хавфли ўсма касалликларини аниқлашда колоноскопия бугунги кунда энг информатив усул бўлиб, 80-90% йўғон ичакнинг бутун узунаси бўйича  кўришга  имконият беради.

Колоноскопияда йўғон ичак шиллиқ қаватига баҳо бериб, хавфсиз ўсимтани олиб ташлаш, қон кетишни тўхтатиш, ёт жисмларни олиш, ичак стенози реканализацияси каби турли ҳил даволовчи муолажаларни ҳам бажаришга имкон беради.

Бўлим мутахасислари Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчилари хамда клиника шифокорлари билан илмий фаолият олиб борадилар. Мамлакатимизда ўтказиладиган съездлар, илмий конференция ва семинарларда иштирок этиб, бир қанча илмий изланишларга муаллифлик қилмоқдалар. Бўлим шифокорлари Тошкент тиббиёт академияси талабалари,магистр ва клиник ординаторларга функционал текширув усуллари бўйича амалий кўникмаларини ўрганишларида ёрдам бериб келмоқдалар.                                                                                                                                                                                                                                                                                         

Бўлимда 5 та ультратовуш диагностика шифокори, 3 та функционал диагностика шифокори, эндоскопия шифокори ва нейрофизиолог шифокорлари фаолият кўрсатмоқдалар. Улардан 8 нафари олий тоифали шифокор, 1та -  биринчи тоифали шифокор ва 1 та ёш мутахассис. 

Юнусова  Шохида Шукуриллаевна

-функционал диагностика бўлим мудири, олий тоифали шифокор

 

   

Мирзамухамедова  Умида Абраровна

олий тоифали ультратовуш диагностика шифокори-

 

 

 
Қосимджонова Гулчехра Магруповна  
-олий тоифали ультратовуш диагностика шифокори
 

Нуритдинов Сирожиддин Сайпитдинович

-олий тоифали функционал диагностика шифокори

 

Шамухутдинова Гузал Абдумаликовна

-биринчи тоифали эндоскопия шифокори

Таджибаева Мавжуда Эркиновна

-олий тоифали функционал диагностика шифокори

Сидиропулу Ирина Иосифовна

-олий тоифали ультратовуш диагностика шифокори.

 

 

 

Зукурова Шахноза Якубжановна

-ЭКГ хонаси ҳамшираси

Зокиржанова Махфуза Зоировна

-катта ҳамшира

Бахрамова Сайёра Тохировна

-УЗД хонаси ҳамшираси

Тургунова Барно Каримбердиевна

-Эхо КГ хонаси ҳамшираси

Умарбекова Ирода Садридиновна

-ФВД хонаси ҳамшираси

Шахидова Нодира Адхамовна

- ЭЭГ хонаси ҳамшираси

Юнусова Мавлуда Хасановна

эндоскопия хонаси ҳамшираси

Эштаева Дилноза Ахмадовна

-УЗД хонаси ҳамшираси

Закирова Азиза Тохировна

-ЭКГ хонаси ҳамшираси

Мовлонова Максуда Суннатилла кизи

-ЭКГ хонаси ҳамшираси